Про-лигада ҳал қилувчи палла

  • 1 август, 2018, 17:13
  • Baxtiyorjon Toshtemirov
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Суперлигадан кейин энди Про-лига баҳслари ҳам бошланиш арафасида турибди. Ёзги ўқув-машғулот йиғинларини тугатишгач, энди асосий эътибор расмий ўйинларга қаратилиши шубҳасиз. Айтиш керакки, бу ерда ҳам чемпионат ўзининг энг муҳим палласига кириб бормоқда. Шуни ҳисобга олганда, про-лигадаги кураш бошқаларни беэътибор қолдирмаса керак. Барибир бу борада асосий эътибор “А” гуруҳига қаратилиши шубҳасиз. Чунки “В” гуруҳидаги вазият ва у ердаги ҳолат билан “А” гуруҳидаги интригани солиштириш қийин. Нима бўлганда ҳам “А”да Суперлига савиясига яқин жамоалар жойлашгани ҳам ўз таъсирини кўрсатаётгани ҳақиқат.

Tecno

Ушбу ҳафтада про-лиганинг навбатдаги босқичига старт берилади. Куни кеча ПФЛ томонидан ушбу мусобақанинг 3- ва 4-давраларининг саналари расман тасдиқланди. Олдинги тақвимга кўра “А” ва “В” гуруҳидаги жуфтликлар 5 августдан ўз иштирокларини бошлаши лозим эди. Янги тақвимга кўра “А” гуруҳи жамоалари ўз иштирокини 4 августдан бошлашлари маълум эди. Нариги гуруҳ ўйинлари эса одатдагидек августнинг 5-санасида ўтказилади. Умуман олганда, янги тақвимга кўра иккала гуруҳдаги учрашувлари санаси деярли бир кундан фарқ қилади. Яъни, бугун “А” гуруҳи вакиллари тур ўйинларини ўтказишса, эртага “В” гуруҳида ўйинлар бўлиб ўтади ва тақвим шу зайлда тузиб чиқилди. Энди фаворитлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, барчанинг эътибор шубҳасиз “Сурхон”, “Андижон” ҳамда “Машъал” жамоаларига қаратилади. Боис  18-турдан кейин учала клубнинг кўрсаткичлари бир хил, очколари ҳам тенг. Фақат тўплар нисбати уларни бир-биридан ажратиб турибди холос. Айнан ушбу жамоалар кутилганидек Суперлига йўлида курашиш учун фаворит эканликларини исботламоқдалар. Шу боисдан 3-даврадан уларнинг ўртасидаги интрига янада кучли бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, ёзги йиғин мобайнида “А” гуруҳи етакчилари ўз таркибларини янада кучайтириш учун селекцияга жиддийроқ қарашди. Чунки навбатдаги босқич муҳим палла эканлигини улар яхши тушуниб туришганди. Шунинг учун ҳам кўплаб янги ўйинчилар билан шартномалар тузишди. Аввало гуруҳ пешқадами Термизнинг “Сурхон” жамоаси ҳақида тўхталадиган бўлсак, Игорь Шквирин учун ҳам мавсумнинг ушбу қисми муҳим аҳамиятга эга саналади. У ёзги йиғин пайтида таркибни ва мураббийлар штабини ўзи истаган футболчи ҳамда мутахассислар билан тўлдирди. Масалан, унга эндиликда Абдумажид Тоиров, Геннадий Кочнев ва Абдумалик Ҳакимов яқиндан ёрдам беришяпти. Таркибдаги ўзгаришларга келсак, 8 нафар янги футболчи билан келишувга эришишди. Айниқса, “Нефтчи”дан ҳужумчи Абдулазиз Юсупов билан ярим ҳимоячи Аббос Махсталиевнинг қўшилгани жамоа ўйинини кучайтириши кутиляпти. Аслида эса иккала футболчи “Андижон” сафига қўшилишганди, бироқ кейинчалик термизликлар эпчилроқ чиқиб, уларни “илиб” кетишди. Шунингдек, “Истиқлол”дан ҳимоячи Қаҳрамон Маҳаммаджонов, “Қизилқум”даги ўйинлари билан мухлисларга яхши таниш бўлган ярим ҳимоячи Ғайрат Жумаев, “Металлург”дан Саиджамол Давлатжонов, “Нефтчи”дан Отабек Аҳмаджонов, шунингдек, Шердор Тўхтасинов ва Сирожиддин Аллаев сингари ўйинчилар ҳам “Сурхон” шарафини ҳимоя қилишади. Албатта, йўқотишлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, жамоа етакчилари ҳисобланган Ислом Иномов, Фарҳод Тожиев, Суҳроб Неъматов каби футболчилар “Сурхон” билан хайрлашишди. Аммо Шквиринни ҳозирги таркиб қониқтирмоқда ва ушбу футболчилар билан Суперлига йўлланмасини қўлга киритмоқчи.

“Андижон” жамоаси эса ёзги йиғинни асосан Чирчиқда ўтказди. Табиийки, Элдор Сакаев ҳам селекцияга катта эътибор қаратди. Шу билан бирга бир қатор назорат учрашувларини ҳам ўтказишди. Суперлигадан бошқа нарсани ўйламаётган “Бургутлар” 3-даврани ўз майдонида 4 август куни асосий рақобатчиларидан бири “Машъал”га қарши ўйин билан бошлайди. Ёдингизда бўлса, мавсумнинг илк турида ушбу жамоалар Андижонда тўқнаш келишганди ва ўшанда мезбонлар 2:0 ҳисобда зафар қучишганди. Албатта, андижонликлар таркиби янада кучайганини эътироф этиш лозим. Айниқса, кетганларнинг ўрни муносиб футболчилар билан тўлдирилди дейиш мумкин. Жамоани Элдор Бойматов, Бекзод Ғанижонов, Обид Ҳакимов, Ҳошим Шокиров каби ижрочилар тарк этишди. Энди янги қабул қилинган ўйинчиларга эътибор қаратсак, мураббий ҳар бир позицияни тўлдирди. Масалан, дарвозага “Металлург”дан мухлисларга яхши таниш бўлган Никита Рибкин таклиф қилинди. “Нефтчи”дан ҳимоячилар – Даврон Маматов билан Суннат Эрматов эса бироз олдинроқ “Андижон” аъзосига айланишганди. Шунингдек, мавсум бошида “Локомотив” клубига ижарага берилган андижонлик ярим ҳимоячи Фарҳод Бекмуродовнинг қайтарилганлиги мухлисларни хурсанд қилди. “Қизилқум”дан эса Нодирхон Камолов, “Хоразм”дан тўпурар ҳужумчи Қадамбой Нурметов, “Сўғдиёна”дан Фарҳод Мираҳматов, қолаверса, Элбек Отақулов ва Дониёр Усмонов каби футболчилар ҳам “Андижон” шарафини ҳимоя қиладилар. Ҳаммаси бўлиб 9 нафар янги футболчилар билан шартномалар тузилди.

“Машъал” жамоасида нима гап? Александр Хомяков бошчилигидаги “газчилар”нинг ёзги селекция ишлари анчагина камтарона кўриниш олди. Улар “Сурхон” ёки “Андижон” сингари кўплаб янги футболчиларни қабул қилишмади. Шунчаки, ўзлари учун керак бўлган айрим ўйинчиларнигина таклиф қилишди. Хўш, “Машъал” қайси футболчиларни олди? ОКМКдан 24 ёшли ярим ҳимоячи Санжар Рихсибоев эндиликда муборакликлар учун тўп суради. “Норин”дан эса дарвозабон Шерзод Абдураимов ҳам таклиф этилди. Аслида “Машъал” тарбияланувчиси ҳисобланган посбон “Норин”га ижарага берилганди ва яна ортга қайтариб олинди. Шу билан бирга “Сурхон”дан Сирожиддин Қўзиев ҳам “Машъал”га таклиф қилинди. Асосан янги қўшиб олинган футболчилар шулардан иборат. Жамоани македониялик Жалил Асани, украиналик Никита Павленко, шунингдек, Ихтиёр Тошпўлатов ва Мақсуд Маҳмудовлар тарк этишган. Яна айрим ўйинчилар бошқа клубларга ижарага берилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Машъал” устози анча ақлли ва у селекия ишларида етти ўлчаб бир кесишга одатланган. Муҳими, уларнинг ўз ўйин услуби бор ва шунинг эвазига ўз гуруҳида пешқадамлардан бири бўлиб келмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам “Сурхон”, “Андижон” ва “Машъал” клубларидан бири Суперлига йўлланмасини қўлга киритиши ҳақиқатга жуда яқин. Тўғри, Самарқанднинг “Динамо” жамоаси ҳам ёзги йиғин чоғида ўз таркибига Суперлигадан футболчиларни олиб келди. Аммо уларнинг тўғридан-тўғри Суперлигага йўл олиш имконияти пастроқ ва катта эҳтимол билан плей-офф йўлланмаларидан бирини қўлга киритиш учун курашишади. Олдинги босқичдан кўра бу сафаргиси янада қизиқарлироқ ва жозибалироқ ўтишига умид қилиб қоламиз.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!