
13 ёшли ўсмир самбо машғулотидан кейин вафот этди
13 ёшли ўсмир самбо машғулотидан кейин юраги тўхтаб вафот этди. Бу ҳақда Россиянинг Воронеж вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги телеграм-каналида хабар берилди.
"17 сентябр куни Острогожск туманидаги “Северная арена” спорт мажмуасида самбо машғулоти вақтида 13 ёшли ўғил боланинг аҳволи ёмонлашди. Зудлик билан тез тиббий ёрдам чақирилди. Бола икки йилдан ортиқ вақт давомида шу бўлимда шуғулланиб келган ва тиббий рухсатномага эга эди. У ўзини ёмон ҳис қилган пайтда жиддий жисмоний юклама олмаётган эди.
Соат 17:40 да юрак тўхтаб қолди ва 30 йиллик тажрибага эга реаниматолог – бўлим мудири жонлантириш чораларини бошлади. Беморга сунъий нафас берилди, юракка билвосита массаж қилинди. Шунингдек, дефибрилляция ҳам ўтказилди. Реанимация чоралари 18:10 гача давом этди, бироқ самара бермади.
Тиббиёт муассасаси маъмурияти марҳумнинг қариндошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Воронеж вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирда ушбу ҳолат бўйича текширув олиб бораётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди. Муассаса барча зарур маълумотларни тақдим этмоқда", — дейилади хабарда.
Comments