Охирги бир ой “Лион” учун ҳақиқий “қора кунлар” бўлди. Бу жамоа аввалига Франция кубогидан, кейин Европа лигасидан шармандаларча чиқиб кетди. Энди бўлса, “Лион” ички чемпионатда ҳам кучли учликдан тушиб қолиб, тобора пастга шўнғияпти.
Ўйинни кўрган одамнинг нақ уйқуси келади. Таркибда Мейтленд-Найлз, Шульц каби “юлдузлар” майдонга қайтган бўлса-да, ўйинда на шиддат бор, на бир тайинли ҳужум. 90 дақиқа давомида “Лион” рақиб дарвозасига атиги 2 марта аниқ зарба берди, холос. Тўпга эгалик қилиш бор, лекин гол уришга келганда ҳамма “оёқ-қўли боғлангандек” бўлиб қолди.
Рақиб “Анже” ҳам унча узоққа боргани йўқ — улар ўйин давомида дарвозага бирорта ҳам аниқ зарба йўллашмади. Хуллас, ҳар икки жамоа ҳам “сен тегма, мен тегмай” қабилида зерикарли футбол намойиш этди.
Агар “Лион” мана шундай юришда давом этса, келаси мавсумда на Чемпионлар лигасини, на бошқа нуфузли мусобақани кўради. Ҳозирча улар турнир жадвалида 6-ўринга тушиб кетиш арафасида турибди. “Лион” февраль ойидан бери ғалаба нималигини билмаяпти. Мухлислар эса: “Қачон футбол ўйнайсизлар?” деб дод солишяпти.
Навбатдаги ўйин “Лорьян”га қарши. Агар ўшанда ҳам ғалаба бўлмаса, “Лион”нинг аҳволига маймунлар йиғлаши аниқ.