Ҳусанов терма жамоада 50 та гол урган юлдузни тўхтатиши керак!
- 30-март, 06:12
- Zohir Toshxo’jayev
- 1
- Футбол
Абдуқодир Ҳусанов замонавий футболнинг энг зўр ҳимоячиларидан бирига айланиб бормоқда ва ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг 22 ёшли ўйинчидан умиди жуда катта.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси FIFA Series 2026 мусобақасидаги иккинчи учрашувни Венесуэла футболчиларига қарши ўтказади ва бу баҳсда Абдуқодир ҳам майдонга тушиши кутиляпти.
Ҳусанов турнир доирасида Габонга қарши кечган биринчи ўйинни дисквалификация туфайли ўтказиб юборди. Терма жамоамиз мухлислари Европа майдонларида порлаётган Абдуқодирнинг ўз юртидаги ўйинларини кўришни истайди.
Футбол экспертларининг таъкидлашича, 30 март куни Тошкентда Венесуэла билан бўладиган баҳсда Абдуқодир Ҳусанов жаҳон футболининг яна бир тажрибали ҳужумчиси Саломон Рондон билан тўқнаш келади.
2023 йилнинг ёзида Франциянинг “Ланс” клубига кўчиб ўтиш орқали ва кейин “Манчестер Сити”дан қўним топган Абдуқодир Ҳусанов ички ва қитъа миқёсидаги мусобақаларда Европада тўп тепаётган энг зўр ҳужумчиларга қарши ўйнаб келмоқда.
Хусусан, Абдуқодир “кўҳна қитъа”даги фаолияти давомида Усмон Дембеле, Брэдли Баркола, Муҳаммад Салоҳ, Килиан Мбаппе, Винисиус Жуниор, Жуд Беллингем, Виктор Дьёкереш, Александер Исаак, Коди Гакпо, Доминик Собослаи, Коул Палмер, Лиам Делап, Энтони Гордон, Ник Вольтемаде, Энтони Эланга, Брайан Мбеумо, Доминик Соланке, Хави Симонс каби бир неча юқори классдаги ҳужумкор футболчилар билан рақобатлашди.
Энди Венесуэла билан бўладиган учрашувда Абдуқодир рақиб таркибидаги энг хавфли ҳужумчи Саломон Рондондан дарвозани қўриқлашга ёрдам бериши талаб этилади.
36 ёшли Рондон жуда катта тажрибага эга. Ўз юртида “Арагуа” клубида тарбияланган футболчи кейинчалик легионер сифатида Испанияда “Лас-Пальмас”, “Малага”, “Реал Овьедо”, Россияда “Рубин”, “Зенит”, ЦСКА, Англияда “Вест Бромвич”, “Ньюкасл”, “Эвертон”, Хитойда “Дальян Про”, Аргентинада “Ривер Плейт” ва Мексикада “Пачука” жамоалари шарафини ҳимоя қилган.
Халқаро миқёсда 2008 йилдан бери Венесуэла шарафини ҳимоя қилиб келаётган юлдуз ҳозиргача жами 122 та учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасини 50 маротаба ишғол қилган.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент майдонлари Рондонга жуда ёқди. FIFA Series 2026 мусобақаси доирасида Тринидан ва Тобаго жамоасига қарши ўтказилган биринчи учрашувда Саломон Рондон захирадан майдонга тушиб, 28 дақиқа ичида рақиблар дарвозасини икки маротаба ишғол қилди ва терма жамоадаги голлари сонини 50 тага етказиб олди.
Энди Ўзбекистон ва Ванесуэла ўртасидаги учрашувда футбол ишқибозлари тажрибали тўпурар Рондоннинг янги авлод ҳимоячиси Ҳусанов билан “дуэл”ига гувоҳ бўлишади.
Ушбу ўйин 30 март куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
Ҳусанов ёлғиз қолишни истади...
Шомуродовдан гол, Ҳусановдан тўп ўтказмаслик талаб этилади! (Превью)
Шомуродовдан қолган жойни Муҳаммад Салоҳ эгаллайди
Ўзбекистон: Бу галги рақиб Аргентина ва Бразилияни қўрқитган жамоа!
Хушхабар: Улар Ҳусановни танлашди!