CITY MAGAZINE: Ҳамма Ҳусановдан ҳайратда!
- 2-апрел, 10:49
- Zohir Toshxo’jayev
- 0
- Футбол
Абдуқодир Ҳусанов учун 2026 йил муваффақиятли ўтмоқда. Январь ойида “Манчестер Сити”нинг энг яхши ўйинчиси, деб эътироф этилган ҳимоячимиз март ойида ҳам бу совринга эга чиқди.
“Шаҳарликлар” сафида Англия лигаси кубогини қўлга киритган 22 ёшли футболчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан Халқаро футбол федерациясининг янги турнири – FIFA Series 2026 мусобақаси ғолиби бўлди. Ушбу турнирнинг энг яхши футболчиси соврини билан ҳам тақдирланди.
Sports.uz портали “Манчестер Сити” расмий сайти эълон қилинган Абдуқодир Ҳусанов ҳақида “CITY MAGAZINE” электрон журналидаги мақолани ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити” мухлисларининг севимлисига айланиш тезлиги, эҳтимол, фақат майдондаги тезлиги билангина таққосланиши мумкин.
“Манчестер Сити” кўплаб юқори даражали ҳимоячилар билан мақтана олади ва йиллар давомида бизда дунёнинг энг яхшилари сафига курувчи айрим ўйинчиларимиз бўлган, аммо Ҳусановнинг шуҳрати ортиб бораётгани шунчаки ҳайратланарлидир.
Жаҳон футболидаги кам сонли ҳимоячиларгина мухлисларни ўринларидан туришга мажбур қила олади (албатта, улар гол ургандаги ҳолатлар бундан мустасно), аммо Ҳусанов бунга, назаримда, бир ўйин давомида бир неча бор эриша олади. Одатда, бу аниқ ҳисобланган подкат ёки тўсиб қолиш орқали, баъзан эса унинг ажойиб тезлиги рақибнинг бир лаҳзада хавфли кўринган қарши ҳужумини йўққа чиқариши орқали юз беради.
Ҳусановнинг тезлиги, энг ёмон ҳолатда, эҳтимол Кайл Уокернинг тезлигига тенг, энг яхши ҳолатда эса бироз юқори бўлиши мумкин.
Бу деярли барча сифатларга эга ҳимоячи, гарчи 22 ёшида у ҳали тажриба тўплаши керак бўлса-да. Абдуқодир бунга Рубен Диаш, Йошко Гвардиол, Натан Аке ва Жон Стоунз каби тажрибали ўйинчилардан ўрганиб эришиши мумкин.
- Мураббийлар Ҳусановдек ўйинчиларни яхши кўради, унда ҳеч қандай худбинлик йўқ, ҳеч қандай томоша йўқ, фақат тоза ҳимоя бор, — дея изоҳ берганди “Арсенал”нинг собиқ мураббийи Арсен Венгер.
Абдуқодир ўтган йилнинг январида “Манчестер Сити”га ўтгач, Премьер-лигада ўйнаган биринчи ўзбек бўлди, ўтган ой эса Англияда илк совринини ютган биринчи ўзбекка айланди — ва эҳтимол, келгуси йилларда у ўз мамлакати учун яна кўплаб муҳим ютуқларга эришади.
Сўнгги ойларда у турли манбалардан мақтовлар олди, аммо кўринадики, кўплаб экспертлар ва журналистлар унинг “Челси”га қарши дебют ўйинини тилга олмасдан ўта олмайдилар, у ерда асабийлик ва тил билишдаги қийинчиликлар унинг Премьер-лигадаги карьерасини бошлашини анча мураккаблаштирган эди.
Аммо ўшандан бери у бирор жиддий хато қилганини тасаввур қилиш қийин — ва бутун дунё “Манчестер Сити” мухлислари бошиданоқ ўзига хос ўйинчи деб билган Ҳусановга эътибор қаратиши учун бироз вақт керак бўлди.
Дебютини эслар экан, Абдуқодир шундай дейди: “Мен хотиржам бўлишга ҳаракат қилдим. Ушбу ўйиндан олдин мен бир ойдан ортиқ ўйнамаган эдим ва жамоа билан атиги бир марта машғулот ўтказган эдим, шунинг учун бу натижага таъсир қилган бўлиши мумкин.
Мен Пепдан жуда миннатдорман. У менга кўп вақт ажратиб, ўйиннинг ҳар бир жиҳатини тушунтирди. Биз босқичма-босқич ишлаяпмиз — у мени шошилтирмайди ва менга вақт кераклигини тушунади”.
У машғулотларда ўзини кўрсатишда давом этгач, Пеп Гвардиола уни тез орада яна жамоага чақирди ва у “Лейтон Ориент”га қарши иккинчи ўйинида Англиядаги биринчи голини урди.
Шундан сўнг у асосий таркибда саккизта ўйин ўтказди, аммо “Борнмут”га қарши ўйиндаги жароҳат унинг март ойи охиридаги мавсумини якунлади, айнан у яхши формага кириб бораётган пайтда.
Ёш футболчига буни қабул қилиш оғир бўлди, аммо у бу ҳолатни футболнинг бир қисми сифатида қабул қилди.
Бу мавсумда Ҳусанов яна порлаш имкониятини кутишига тўғри келди, чунки 2025-2026 йилги мавсумнинг дастлабки ҳафталарида ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ажойиб ўйнаганидан кейин, “Арсенал” ўйинчисининг “Эмирейтс”даги 1:1 ҳисобидаги дурангдаги қўпол ҳаракати уни яна олти ҳафтага сафдан чиқарди.
Унинг ҳимоядаги ўйин услуби баъзан тўқнашувлар натижасида жароҳат олиш эҳтимолини оширади.
Ҳусанов “Суонси” ва “Байер”га қарши ўйинларда асосий таркибда майдонга тушди, аммо Абдуқодир асосий таркибга фақат декабрь ойи охирида қайтди, ўша пайтда “Сити” ҳимоядаги жароҳатлар сабаб тўлиқ ҳимоя чизиғини тузишда қийналаётган эди.
Шундан бери у ортга қарамади, десак бўлади — йил бошидан бери 20 та ўйин ўтказди ва январь ойида “Этиҳад” стадионида “Ойнинг энг яхши ўйинчиси” мукофотини қўлга киритди ва мартда ҳам бу такрорланди.
Пеп Гвардиола ўз шогирдининг кўплаб ҳужумчи иқтидорларни қандай зарарсизлантирганини кузатди — “Ливерпуль” устидан 2:1 ҳисобидаги ғалабадан кейин у шундай деди: “Ҳусанов қандай зўр ўйин кўрсатди, Маҳаммад Салоҳ ва Уго Экитике каби икки хавфли футболчини тўхтатди, Абдуқодир инглиз тилида Уильям Шекспирдек гапирмайди, аммо кун сайин яхшиланиб бормоқда. У бизнинг нима исташимизни тушунади ва ҳар сафар яхшироқ ўйнайди. У жуда ақлли”.
Мураббийнинг ишончи шунчалик катта эдики, у Абдуқодирга аввал ўнг қанот ҳимоячиси, кейин эса марказий ҳимоячи сифатида “Реал”га қарши икки ўйинда ўйнаш имкониятини топширди.
Иккита жуда муҳим ўйинда қатнашиш, шубҳасиз, 22 ёшли футболчининг ишончини анча оширди.
“Бу катта масъулият эди, аммо мен ўзимни хотиржам ҳис қилдим. Мен ҳар бир ўйинда бор кучимни бераман ва ўзимни энг яхши томондан кўрсатишга ҳаракат қиламан”, - дейди Ҳусанов “Реал”га қарши учрашувлар ҳақида.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, у “Манчестер Сити”нинг буюк ҳимоячилари қаторига кириш сари шиддат билан ҳаракатланмоқда.
Яқинда фарзандли бўлган Абдуқодир учун Гвардиола каби кучли иттифоқчи бор.
- Одатда футболчида жисмоний куч бўлса, бу унинг миясини ишлатиши шарт эмаслигини англатади. Унда иккаласи ҳам бор. Шунинг учун у тўп билан ўйнашда ҳам яхшиланмоқда ва бу менга унинг келажакда яна ўсишига ишонч беради.
Менимча, у яна ривожланиши мумкин — у доимо янги ғояларга очиқ. Мен кўп йиллардан бери айтиб келаманки, “Манчестер Сити”да ҳам футболчи, ҳам марказий ҳимоячи бор, - дейди Хосеп Гвардиола.
Хўш, Ҳусановнинг ўзи келажак ҳақида нима деб ўйлайди ва нимани истайди?
Аниқки, ўзбек футболчиси унга дунё футболининг энг катта ареналарида ўзини кўрсатиш имконини берган клуб билан барча совринларни ютмоқчи…
- Мен бу клубда ўйнаётганимдан фахрланаман. “Сити”нинг ажойиб мухлислари бор, улар бизни уйда ҳам, сафарда ҳам қўллаб-қувватлайди. Бу формани кийиш катта масъулият.
Уларнинг қўллаб-қувватлаши биз учун жуда муҳим ва мен уларга шахсан раҳмат айтмоқчиман — улар ҳатто қийин пайтларда ҳам бизни қўллаб-қувватлайди. Биз бундан чин дилдан миннатдормиз.
Биз улар учун яна кўпроқ совринлар ютмоқчимиз. Албатта, менинг орзум — Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш, - дейди Ҳусанов.
Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилида Қодир “қудратли” маъносини англатади. Ҳозиргача кўрганларимизга қараганда, бу унинг ота-онаси томонидан исм қўйишда жуда тўғри танлов бўлган, - деб ёзди Дэвид Клейтон.
Олмалиқда туғилган футболчи трансферини Манчестер ва Мадрид суперклублари сўради
Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатидаги рақибида “ишкал” бошланди
Ҳусанов ва Ўзбекистон ғалабасига “Манестер Сити”дан қандай муносабат бўлди?
Ҳусанов ёлғиз қолишни истади...
Шомуродовдан қолган жойни Муҳаммад Салоҳ эгаллайди
Ўзбекистон: Бу галги рақиб Аргентина ва Бразилияни қўрқитган жамоа!