
"Машъал" ва "Пахтакор" матбуот хизматларининг хатти-ҳаракатлари тартиб-интизом қўмитасига оширилди
Ўзбекистон Суперлигасининг 21-тури доирасида бўлиб ўтган "Машъал" – "Шўртан" ҳамда "Пахтакор" – "Нефтчи" учрашувлари давомида мезбон жамоалар матбуот хизмати ўзининг “Телеграм” мессенжеридаги расмий канали орқали учрашув ҳакамлиги борасидаги ошкора эътирозларини билдирди. Ваҳоланки, учрашув якунлангач, клуб расмийлари ҳакамлик юзасидан расмий шикоят киритмади. Бу ҳақида ЎзПФЛ матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Шунингдек, расмий баёнотда ёзилишича, Ўзбекистон профессионал футбол лигаси мусобақаларининг тегишли регламентларида ҳакамликка эътироз билдириш тартиботи аниқ кўрсатиб қўйилган. Шунингдек, Лига томонидан ўтказиладиган тадбирлар ва мусобақаларда ишловчи ОАВ вакиллари учун медиа йўриқноманинг 2.2 бандида “Матбуот котиби ўзи фаолият олиб бораётган клубга тегишли тадбирлар ва мусобақалар ўтказишда бевосита иштирок этади ҳамда расмий саҳифаларда эълон қилинган материаллар учун жавобгар ҳисобланади”, дейилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, "Машъал" ва "Пахтакор" жамоаларининг ишлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошидаги Тартиб-интизом қўмитасига оширилди. Лига ўз шафелигида ўтадиган мусобақаларда иштирок этувчи клубларни тегишли регламент ва йўриқномаларга қатъий амал қилишга чақиради.
Комментарии