
Вадим Абрамов: "Облоқуловни "Машъал" тарбияланувчиси эканини энди эшитдим"
Суперлига 17-тури доирасидаги "Машъал" - "Динамо" (2:4) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар устози Вадим Абрамов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақида клуб матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашув старти ва камбэк ҳақида
- Ўйинни минус 2 та гол билан бошлаб, рақибга бундай устунликни берган ҳолда шундай иссиқ об-ҳавода ўзимизни қийнаб, ўзимизга муаммо яратиб кейин вазиятдан чиқиб кетишни фақат биз уддаласак керак. Ҳар ўйинда қандайдир кутилмаган нимадир биз билан содир бўлади. Аввалги ўйинимизда 2:0 ҳисобида олдинда бораётиб, текис жойда ғалабани қўлдан чиқаргандик. Бугун акси бўлиб, ғалабани илиб кетдик. Қийин вазиятдан чиқиб кетганимиз яхши, аммо бундай ўйнаш керак эмас, таҳлил қилиб, ўйиндан хулоса қиламиз.
Ўйин бундай бошланишини умуман кутмагандик. Умуман олганда 6 та голни ҳам ўзимиз урдик, десам бўлади. Яхшиямки, 1-бўлимдаёқ вазиятни тенглаштириб, 2-бўлим охиригача қийналиб, вазиятдан чиқиб кетдик. Ўйин олди чигалёзди машғулотлардаёқ йигитларда қандайдир хотиржамликни кўргандим ва рақибни муносиб баҳоламаётгандек бўлаяпсизлар, дегандим.
Рақибнинг иккинчи голи ҳақида
- Бугун дарвозабонимизга ўзига бўлган ишонч кўринмагандек бўлди. Балки кейинги турларда ишончли дарвозабонни синаб кўрармиз, хатоларимизни таҳлил қиламиз.
Беҳрузбек Облоқулов ҳақида
- Ёш ўйинчимизнинг кучли жиҳатларини биламиз. У машғулотларда яхши ишлаб, майдонга тушишга муносиб эканини кўрсатаётганди. Беҳрузбекни йил бошида жамоага таклиф қилганимиздаёқ унинг потенциалини яхши билардик. Ундан умидимиз катта, фақат шу йўсинда давом этиши керак. Облоқулов «Машъал» тарбияланувчиси эканини билармидим? Билмасдим, энди эшитдим.
Абдураҳмонов ва Облоқуловнинг Анваржон Ҳожимирзаевга рақобат уйғотгани ҳақида
- Ҳозирги таркибимизда нафақат Ҳожимирзаевга, бошқа барча ўйинчиларга ҳам рақобат мавжуд. Бу бир томондан мени хурсанд қилади, сабаби анчадан буён ҳозиргидек рақобат йўқ эди.
Плётнёвдан кейин Ҳошимов ва Абдусаломов ҳам гол ургани ҳақида
- Янги ўйинчиларнинг жамоага тезроқ мослашиши муҳим эди. Бу трансферлардан кейин захира ўриндиғимиз ҳам кучайди. Улардан тўғри фойдаланиб, жамоани шакллантиришда давом этамиз. Аммо бошқа ўйинни бугунгидек бошламаймиз, деб умид қиламан.
Пенальтичиларни ким танлаётгани ҳақида
- 11 метрлик жарима зарбасини ким тепишини мен айтмадим. Ўзим зарбани Улуғбек Ҳошимов тепишини истагандим, аммо улар мени ўша пайтда эшитишмаётганди. Одатда ким ўзига ишонса ўша зарбани амалга оширади. Мисол учун, мен айтган ўйинчи ўзига ишонмаётган бўлса, бу жамоа зарарига ишлаши мумкин. Ёдингизда бўлса, Намангандаги 1-турда пеналттини Ҳожимирзаевга бериш кераклигини мен айтгандим, унинг зарбаси эса ноаниқ чиқди. Ўшандан буён бундай жавобгарликни бўйнимга олмасликка қарор қилдим.
«Пахтакор» ва ОКМКга қарши ўйинлар ҳақида
- Энг аввало «Пахтакор»га қарши ўйинни ўйлаш керак, кейинги турда улар билан ўйнаймиз. Улар кеча ўйнашди, биздан бир кун кўп дам олишади. Биз эса бугунги иссиқда сўнгги дақиқаларгача катта куч йўқотдик, тезроқ тикланиб олишимиз ва «Пахтакор»га қарши тайёргарлик кўришимиз талаб этилади.
Фикрлар