
Шома гол уряпти, лекин аҳвол чатоқ!
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари бу мавсум Туркия чемпионатида “Истанбул Башакшеҳир”га мухлислик қилмоқда. Сабаби – ушбу клубда Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари Элдор Шомуродов ва Аббосбк Файзуллаев тўп тепяпти.
“Рома”дан ижарага олинган 30 ёшли ҳужумчимиз қисқа фурсатда жамоанинг ҳақиқий етакчисига айланган бўлса, ЦСКАдан 7,5 миллион еврога трансфер қилинган 22 ёшли Файзуллаев ҳали янги муҳитга тўлиқ мослашиб олишга улгургани йўқ.
“Истанбул Башакшеҳир” учун мавсум жуда оғир ўтмоқда. Жамоани “топ-5” лигалар ҳавосини олган Нури Шахир қабул қилиб олганига қарамай, умумий вазият ижобий томонга ўзгартиргани йўқ.
Суперлиганинг тўққизинчи турида “Башакшеҳир” мамлакатнинг амалдаги чемпиони “Галатасарой”ни қабул қилди. Бу баҳсда Нури Шахин шогирдлари Туркиянинг энг қудратли жамоасини тўхтатиб қолишга уриниб кўрди.
Рақиб жамоанинг машҳур ҳужумчиси Лерой Сане иккита гол билан “Галатасарой”нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
“Истанбул Башакшеҳир” форварди Элдор Шомуродов гол уришда германиялик юлдуздан қолишмаслигини кўрсатди. Легионеримиз ҳам “Галатасарой” дарвозасини икки бор ишғол қилди. Бироқ 47-дақиқада урган биринчи голини VAR ҳакамлари уч дақиқа ўрганиб чиқиб, ўзбек футболчиси жуда кичик оффсайдда бўлганини аниқлашди.
Туркияга жамоасига ўтганидан бери учинчи голи ўйин ташқари ҳолат туфайли бекор қилинган Шомуродов тушкунликка тушгани йўқ. Орадан 12 дақиқа ўтиб, “Галатасарой”ни яна бир марта жазолади. Бироқ легионеримизнинг уринишлари жамоасига очко олиш учун етмаяпти.
- “Башакшеҳир” мавсумдаги тўртинчи мағлубиятини тан олди. Битта захира ўйини бор жамоа олти очко билан қолди. Нури Шахин жамоаси кетма-кет учта учрашувда “Гёзтепе”, ”“Коньяспор” ва “Галатасарой”га бир тўп фарқи билан енгилди. Бош мураббий алмашгани ҳам жамоани мураккаб вазиятдан қутқара олмади.
Нури Шахин келганидан кейин биринчи ўйиндаёқ “Фотиҳ Карагюмрюк” устидан қозонилган ғалаба ягоналигича қолмоқда. Кейин тўртта учрашувда “Башакшеҳир” атиги бир очко олди.
Элдор Шомуродов ураётган голлар “Башакшеҳир”нинг ижобий натижа қайд этишига етарли бўлмаяпти. Бу гал унинг иккита голидан биттаси VAR томонидан бекор қилинди. Шомуродов мавсум бошидан бери Туркия чемпионатидаги тўртинчи голини урди.
Ўзбек ҳужумчисининг голлари “Аланьяспор” билан ўйинда бир очко келтирган бўлса, “Бешиктош”, “Коньяспор” ва “Галатасарой” билан бўлган тўқнашувларда очко олиш учун камлик қилди, - деб ёзмоқда нуфузли манбалардан ҳисобланган sporx.com сайти.
Энди “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси Туркия чемпионатидаги 10-тур учрашувини 26 октябрь куни сафарда “Антальяспор” футболчиларига қарши ўтказиши белгиланган.
Фикрлар