Равшан Ҳайдаров "ЖЧ-2026" қуръаси ҳақида: "Ҳар қандай жамоа билан ўйнашга қурбимиз етади"
Яқинда Америкада “ЖЧ-2026” учун қуръа ташлаш маросимид ўтказилди. Барчамиз миллий терма жамоамизнинг гуруҳдаги рақибларини катта иштиёқ билан кузатганимиз рост.
Ёшлар терма жамоамизни бошқариб келаётган тажрибали мутахассис Равшан Ҳайдаров Sports.uz сайтига қуръа ва рақибларимиз хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйлайманки, қуръа ташлаш маросини бошқача қилиб ўтказишди. Қуръа ташлашни ҳаяжон билан кузатдик, ким рақиб бўлиши қизиқ эди. Тўғрисини айтаман, кутилмалар йўқ эди. Биринчи саватчадан кимдир тушишини билардим. Мезбон жамоалардан бири рақиб бўлса яхши бўларди, деган фикрларни эшитдим. Лекин саватчаларда кучли жамоалар жойлашганди. Барибир кимдир тушиши маълум эди. Ўйлайманки, биз учун яхши гуруҳ. Ўйнаса, курашса бўладиган ва кейинги босқичга чиқса бўладиган гуруҳ. Биламиз, Португалия топ жамоа. Колумбия ҳар доим кучли бўлган. Учинчи жамоамиз номи маълум бўлганидан кейин у тўғрисида ҳам фикр билдириш мумкин. Жаҳон чемпионатида кучсиз жамоаларни ўз бўлмайди. У ерга ҳамма термалар катта иштиёқ билан келади. Футболни энг катта анжумани. Ўйинчилар бошқача иштиёқ билан ёндашадилар. Биз ҳам худди шундай. Рақибларни ўрганиш, уларга ўхшаган рақиблар билан ўртоқлик учрашувлари ташкил қилиниши керак. Шунақа ишлар олиб бориляпти. Мураббийлар штаби тажрибали, жаҳон чемпионатида қатнашишган. Йигитларни руҳиятини тўғри тайёргарлик орқали олиб борадилар. Ўйлайманки, савия бўйича охирги пайтларда бизни хурсанд қилишяпти, даражамиз ўсиб бормоқда. Миср, Эрон билан курашларимиз шундан далолат бериб турибди. Ҳар қандай жамоа билан ўйнашга қурбимиз етади. Энг асосийси, ўша кунга яхши формада ва соғлом келиш. Мураббийларни жамоаларга қараб ишлаб чиқадиган режалари бўлади. Умид қиламанки, гуруҳдан чиқиш мақсадини бажаришади.
- Дастлабки вазифамиз гуруҳдан чиқиш. Шуни фонида айтадиган бўлсак, гуруҳимизни меъёрида десак бўладими?
- Жуда ҳам меъёрида. Бундан ҳам кучли бўлиши мумкин эди. Яхши ва ўйнаса бўладиган жамоалар. Гуруҳдан чиқиш вазифасини олдимизга қўядиган жамоалар билан ўйнаймиз.
- Фабио Каннаваро борасидаги дастлабки таассуротлар позитив. Уни шахсан яқиндан кўриб қандай баҳо беряпсиз?
- Иш жараёнларини ҳали яқиндан билмайман. Лекин кўриниб турибди, футболчилар бошқача иштиёқ билан ишлашяпти. Охирги учрашувларда тактик схемаларда катта ўзгаришларни кўрмадик. Бироқ ўйинчиларни иштиёқи кўтарилгани яққол кўриниб турибди. Қўйилган талабларни бажаришга ҳаракат қилишаётгани, янги мураббийлар штаби олдида ўзларининг янада янги қирраларини кўрсатиш ниятида ҳам майдонда тер тўкишяпти. Ўйлайманки, бу жуда муҳим. Мундиалга тактик жиҳатдан қандай тайёрланишлари ўзимизга ҳам қизиқ. Қайси рақибга қарши қанақа тактик тайёргарлик билан боришимиз муҳим. Тажрибали мураббийлар буни йигитларга яхши етказа оладилар.



Comments