
Равшан Ҳайдаров эртанги ўйин олдидан: "Биз янгиликлар яратишга интиляпмиз"
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 2026 йилги U-23 Осиё кубоги саралаш босқич “Е” гуруҳи учрашувлари олдидан терма жамолалар бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон олимпия терма жамоамиз ҳам қатнашишидан хабарингиз бор, албатта. ЎФА матбуот хизмати эса матбуот анжуманида Равшан Акмаловичнинг фикрларини баён этди.
- Аввало, саралаш босқичи иштирокчиларини самимий қутлайман. Ушбу турнир юқори даражада ташкил этилишига ишонаман. Умид қиламанки, ўйинлар томошабоп ўтади, ғалаба эса энг кучли жамоага насиб этади.
Шунингдек, Қирғиз Республикаси футбол иттифоқига юқори даражадаги ташкилотчилик учун миннатдорлик билдираман.
Жамоамиз турнирга белгиланган режа асосида пухта тайёргарлик кўрди ва мусобақага жанговар ҳамда жисмоний жиҳатдан яхши ҳолатда етиб келди.
Таркиб ҳақида
- Ёшлар терма жамоаларидаги давр футболчиларимиз учун миллий жамоага ўтиш босқичи ҳисобланади. Бир қатор футболчилар аллақачон асосий терма жамоа сафида майдонга тушмоқда. Биз уларни яна U-23 жамоасига жалб этмасликка ҳаракат қиламиз ва буни тўғри ёндашув эмас, деб ҳисоблайман. Чунки миллий жамоага футболчиларни етказиб бериш олдимиздаги асосий вазифалардан бири.
Шу боис биз янгиликлар яратишга интиляпмиз. Ёш футболчилар аста-секин миллий терма жамоага ўтиш имкониятига эга бўлишмоқда. Масалан, илгари ёшлар сафида ўйнаган Абдуқодир Ҳусанов ва Аббосбек Файзуллаев бугун миллий терма жамоада ўз ўрнига эга. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам шундай, истеъдодли ёш футболчиларга имконият яратиб беришдир.
Эслатиб ўтамиз, терма жамоамиз илк учрашувни 3 сентябрь куни Шри-Ланка термасига қарши ўтказади ва ўйин Тошкент вақти билан соат 15:00да Бишкек шаҳридаги “Долен Омурзаков” стадионида старт олади.
Фикрлар