
Ўзбекистон ва Қозоғистон ёшлар ҳамда ўсмирлар жамоалари ўртоқлик учрашуви ўтказади
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Қозоғистон футбол федерацияси ўртасида кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу ҳамкорлик тизимли бўлиб, шериклик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган. Бугунги кунга қадар турли даражадаги – миллий терма жамоалардан тортиб ўсмирлар ва аёллар жамоаларигача – мунтазам ўйинлар ўтказиб келинаётгани бунинг яққол исботидир.
Жумладан, жорий йилнинг октябр ойида икки мамлакат ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари ўртасида бир қатор ўртоқлик учрашувлари режалаштирилган:
12 ва 14 октябр кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон У-21 терма жамоалари ўртасида икки учрашув бўлиб ўтади.
3–14 октябр кунлари Олмаота шаҳрида эса У-15 терма жамоалари ўзаро иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Шунингдек, ёшлар ва аёллар терма жамоалари иштирокида ҳам мунтазам тарзда ўзаро учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, айни пайтда Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Қозоғистон терма жамоасининг ФИФА кунлари доирасидаги беллашувлари аллақачон белгилаб қўйилгани сабаб, миллий жамоалар ўртасидаги учрашувни 2026 йилда ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Комментарии