Одил Абдумажидов легионерга айланадими ёки Суперлигамизда қоладими? Футболчи нима дейди?

  • 9 январь, 2024, 22:57
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
BEPUL PROPAN

Ўтган мавсумни “Олимпик” таркибида ўтказган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзоси Одил Абдумажидов 2024 йилда фаолиятини яна бошқа клубда давом эттириши кутилмоқда.

Ҳозирча у бирор клубда эмас, аммо бу вақтинчалик ва тез орада Абдумажидовни янги клубда кўрсак ажаб эмас. Футболчи “Олимпик” таркибида 2023 йилги мавсумда 29 учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди.

Sports.uz журналисти Одилнинг кейинги режалари билан қизиқиб кўрди.

- Икки йил аввал легионер сифатида “Ордабаси”да эдингиз, ўтган йили эса “Олимпик”да тўп сурдингиз. 2023 йилда “Ордабаси” чемпион бўлди. Қарорингиз тўғри чиққанига амин бўлдингизми ёки...

- Албатта, танловим тўғри чиқди, деган умиддаман. “Олимпик”да кўп нарса ўргандим. Ўйлашимча, ҳар томонлама тажриба ўрганиб, ўсдим деб ўйлайман.

абдумажидов

- “Олимпик”ни тарк этдингиз. Бундай қарорга келишингизни асосий сабаби нимада? Бу тўсатдан бўлдими ё аввалроқ режалаштириб қўйганмидингиз?

- Бу жамоага ижара асосида боргандим. Амалдаги шартномам эса “Металлург” билан ва 2024 йилда тугайди. “Олимпик”ни тарк этдим, дейишим нотўғри. Чунки бу олимпия терма жамоамиз негизи ҳисобланади.

- Сиз ўйнаётган позицияда Ўзбекистондаги энг кучлиси деб кимни кўрсата оласиз?

- Олдинги пайтда Анзур Исмоиловни айтардим. Ҳозирги ўйнаётганлар орасида энг зўри Абдуқодир Ҳусанов деб ўйлайман. У бекорга “Ланс”да ўйнамаяпти.

абдумажидов1

- Одилжон, янги мавсумни қайси клубда бошлаш ҳақида бир қарорга келдингизми? Билишимча, вариантларингиз бор...

- Ҳали бир қарорга келганим йўқ. Янги жамоам тез кунларда аниқ бўлиб қолади. Ҳозир музокаралар жараёни давом этяпти.

- Яна хорида тўп сурмоқчимисиз ёки юртимизда қолиш ҳақида ўйлаяпсизми?

- Яширмайман, хориждан 2-3 та таклифлар бор. Уларни кўриб чиқяпмиз. Агар ҳар томонлама қониқтирса четда тўп суришим мумкин. Акс ҳолда яна ўзимизда ўйнайман.

- Хорижда айнан қайси мамлакатлардан қизиқишлар бор ва музокаралар ҳозир қайси босқичда?

- Айрим давлатлардан бўляпти. Номини айтмай турганим маъқул. Яқин кунларда ўхшаб қолса хабар топасизлар.

абдумажидов3_1

- Ҳозирда спорт формангизни ушлаб туриш учун қаерда шуғулланяпсиз?

- Ўзим шуғулланиб турибман. Худо хоҳласа, бир неча кун ичида янги клубим аниқ бўлиб қолади. Ўшанда жамоамга қўшиламан.

- “Металлург”га қайтмайсизми? Улар қайтариш ҳаракатида эмасми?

- Қайтишим ҳам мумкин. Чунки айтганимдек, шартномам бор. Ҳали бир қарорга келмадик. Ҳаммасини кўриб чиқяпмиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!