Неймар келаси мавсумни қаерда бошлаши ҳал бўлди

CHERY AUTO

Бразилиялик машҳур ҳужумчи Неймар 2026 йилги жаҳон чемпионатига қадар спорт формасини юқори даражага кўтариш учун Европага қайтишни режа қилаётган эди.

33 ёшли тўпурар агентлари унинг хизматини бир неча бор “Барселона”га таклиф қилиб кўрди. Бироқ Ханс-Дитер Флик ёши ўтиб қолган юлдузни ўз жамоасига қўшишни истамади.

TNT Sports нашрининг маълум қилишича, Неймар Европага қайтиш фикридан воз кечган. У ҳозирги клуби “Сантос” билан ҳамкорликни яна бир йилга узайтиради.

Аслида Неймарнинг амалдаги битими 30 июнь куни тугаши керак эди.

Бразилия терма жамоасига янги бош мураббий сифатида танланган Карло Анчелотти яқинда Неймарга қўнғироқ қилиб, унга ишонч билдиришини айтган.

Шунга қарамай, Неймар кейинги икки йил давомида жуда кўп жароҳат олди. Хусусан, январда “Сантос”га қайтганидан бери бор йўғи тўққизда учрашувда қатнашиб, учтадан гол ва ассист муаллифи бўлди.

Неймар охирги маротаба 17 апрель куни майдонга тушган ва яна шикастланиб, бир ойдан бери даволаниш билан банд.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!