Ҳусановга “Сити”нинг афсонавий сардори кучли маслаҳат берди!
Европа футболини ёритиб келаётган нуфузли манбалардан onefootball.com портали “Манчестер Сити”нинг собиқ афсонавий ҳимоячиси ва сардори Ричард Данн “шаҳарликлар”нинг ўзбекистонлик легионери Абдуқодир Ҳусановнинг “Этихад”даги келажаги ҳақида билдирган очиқ фикрларини мухлислар эътиборига ҳавола қилди.
- Ўзбекистонлик ёш футболчи Абудқодир Ҳусанов тажрибали мураббий Хосеп Гвардиола бошқарувидаги асосий жамоада ривожланишни давом эттирар экан, унинг клубдаги узоқ муддатли истиқболи ҳақидаги муҳокамалар кучайди.
Абуқодир жамоага улкан жисмоний салоҳиятга эга “лойиҳа футболчиси” сифатида келган ва клуб раҳбарияти уни Европанинг замонавий юқори даражали ҳимоячилари қаторида кўришга ишонмоқда.
21 ёшли футболчи ҳозирда жамоада ўйин вақти учун катта рақобатга дуч келмоқда, чунки “Сити” ҳимоя чизиғи жаҳон даражасидаги футболчилар ва катта халқаро тажрибага эга спортчилар билан тўла. Бироқ у ҳимоя марказидан ташқари ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ҳам ўйнай олиши сабабли кўп қирралилик намоён этмоқда.
Ҳусанов чекланган имкониятларга эга бўлишига қарамай, “Манчестер Сити” мутасаддилари унинг ақлли ўйини, жисмоний қобилияти ва Пеп Гвардиоланинг мураккаб ҳимоя тизимига мослашишга бўлган иштиёқидан жуда кучли таъсирланган. Айниқса, катта ўйинлардаги ҳаракатлари юқори баҳоланмоқда.
Ҳусанов “осмон ранглилар” сафида ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида ҳамда янги мавсум бошида ишончли ўйинларни намойиш қилди. Кейинчалик жароҳат сабабли у сафдан чиқди.
“Манчестер Сити”нинг афсонаси ва собиқ сардори Ричард Данндан Абдуқодир Хусановга клубда муваффақият қозониш учун қандай маслаҳат бериши ҳақида сўрашди. Жавоб қуйидагича бўлди.
- Бу мослашиш даври ҳақида. Айримлар тезроқ мослашади, бошқалар эса кўпроқ вақт талаб қилади. Менимча, Ҳусанов ҳали АПЛ суръатидан бир оз ҳайратда. У жуда тез, лекин баъзан қарор қабул қилишда шошилиб, фоллар ёки хатоларга йўл қўяди. Аммо тажрибанинг ошиши билан бу жиҳатларини яхшилайди.
Албатта, “Сити” ҳозир сўнгги йиллардаги каби мутлақ ҳукмрон эмас, шунинг учун ҳозир ёш ҳимоячиларга кўп имконият бериш вақти эмасдек. Аммо мавсум давомида Абдуқодир етарлича ўйинларда қатнашиб, тажриба орттиради ва ривожланади.
Ҳусанов ҳар куни машғулотда жаҳон даражасидаги футболчилар билан бирга шуғулланмоқда, бу унинг ўсишига катта ёрдам беради. У сабр-тоқатли бўлиши керак, чунки дунёдаги энг кучли клублардан бирида ўйнаяпти. Дарҳол асосий таркибга кириш қийин. У мураббийни ишонтириши ва ўйинда қарор қабул қилишини яхшилаши керак.
Ўзбек футболчиси яхши ҳимоячи бўлиш учун зарур бўлган барча жисмоний хислатларга эга. Мен ишонаманки, мураббий унга доим ёрдам бериб, позицияни тўғри танлаш ва тўпни қандай қайтариш кераклигини тушунтириб боради.
Менимча, уни келажак учун сотиб олишган ва у ҳали элита даражасига етмаган бўлса-да, бу йўналишда сезиларли ўсиш кўрсатмоқда, - деди Ричард Данн.
Абдуқодир Хусановнинг ривожланиш йўли эҳтимол асосий жамоа билан доимий машғулотлар ва турли мусобақаларда аниқ режалаштирилган ўйин дақиқалари билан уйғунлашиб боришда давом этади. Айниқса, Жон Стоунз жароҳат билан боғлиқ муаммоларни бошдан кечираётган бир вақтда, имкониятлар табиий равишда пайдо бўлиши мумкин.
Ҳозирча клуб ва мураббийлар унинг секин-аста ривожланишига эътибор қаратмоқда. Ричард Данннинг фикрлари ҳам шунга мос келади, яъни Хусанов ҳозирча ҳар бир ўйинни бошдан ўйнайдиган даражада тайёр бўлмаслиги мумкин, аммо унда “Манчестер Сити” келажагида муҳим фигурага айланиш учун барча зарур жиҳатлар мавжуд, - деб ёзди onefootball.com портали.
Каннаваро Шомуродов ўйинини кўргани борганига Туркияда қандай муносабат бўлди?
Шомуродов Туркияда тўпурарлар пойгасида биринчи ўринга кўтарилди
Бугун Шомуродов яна гол уриши керак, Файзуллаев эса...
Ҳусановнинг жароҳатдан кейинги биринчи ўйини қандай баҳоланди?



Фикрлар