
Ҳусанов, ана рақобатдан қутилдинг!
Ёзги трансферлар ойнаси ёпилишига бир неча кун қолган паллада ҳамон “Манчестер Сити” таркибида жиддий ўзгаришлар юз бериши давом этмоқда.
Айни пайтда клубнинг бир неча ўйинчиларига бошқа клублардан таклиф тушган ва мутасаддилар харидорлар билан музокаралар ўтказмоқда.
Таниқли инсайдер Фабрицио Романонинг маълум қилишича, “шаҳарликлар” тажрибали марказий ҳимоячи Мануэль Аканжини сотиб юборишга қарор қилди. Манбага кўра, клуб “Галатасарой”нинг 15 миллион фунт стерлинг кўрсатилган таклифини қабул қилди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, ҳар икки клуб швейцариялик футболчининг трансфер бўйича қарорини кутяпти. Аканжи ҳали Туркия клуби таклифини қабул қилишга шошилмаяпти. Чунки унинг олдида Германия варианти бор.
“Байер” раҳбарияти “Арсенал”га ўтиш арафасида турган Пьеро Инкапье ўрнини айнан Мануэль Аканжи билан тўлдирмоқчи.
Аканжи Швейцариянинг “Винтертур” жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади. Ўз юртида “Базель” шарафини ҳам ҳимоя қилган. 2018 йили уни “Боруссия Дортмунд” 21,5 миллион евро эвазига ўз таркибига қўшиб олди ва тўрт йилдан кейин “Манчестер Сити”га деярли шу нархга пуллади.
30 ёшли ҳимоячи “шаҳарликлар” сафига қўшилганидан бери барча турнирларда 136 та учрашувда майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари бешта гол ва учта ассист муаллифи бўлган.
Хосеп Гвардиола янги мавсумда таркибни қисқартириш сиёсатига алоҳида эътибор қаратмоқда. Аканжи ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановнинг тўғридан тўғри рақобатчиси ҳисобланади. Мануэль худди легионеримиз каби марказий ҳимоядан ташқари ҳар икки қанотда ўйнай олади.
“Сити” ёрқин юлдузини қанчага қўйиб юбориши маълум бўлди
“Манчестер Сити”нинг бразилиялик қанот ҳужумчиси Савио фаолиятини Англия Премьер-лигасининг бошқа клубида давом эттириш имкониятига эга бўлиб турибди.
Маълумотларга қараганда, “Тоттенхэм” 21 ёшли футболчини олиш фикридан қайтмаган. Лондонликлар трансфер бўйича “шаҳарликлар”га бир неча бор мурожаат юборди.
Манбаларда қайд этилишича, 56 миллион евродан бошланган таклиф 70 миллион еврогача кўтарилди. Бироқ “Сити” раҳбарияти бу сўровларга жавоб қайтаргани йўқ. Уларни таклиф қилинаётган сумма қониқтирмаяпти.
Журналист Бен Жейкобс вазиятни ўрганиб чиқди. Унинг ёзишича, “Манчестер Сити” Савионинг салоҳиятини ўта юқори баҳоламоқда. Шу боис “шаҳарликлар”ни 80 миллион евродан кам бўлган сумма умуман қониқтирмайди.
Савио “Манчестер Сити”да 2024 йилнинг ёзидан бери ўйнамоқда. Ҳозиргача барча турнирларда 48 та учрашув ўтказган легионер учта гол ва 13 та ассист қайд этди.
“Сити” мақсадига етишига бир қадам қолди
“Манчестер Сити” янги дарвозабон масаласини ҳал қилиши талаб этилади. Айниқса, ёзда клубга қайтарилган Жеймс Траффорд “Тоттенхэм” билан ўйинда қўпол хатога йўл қўйиб, ҳали юқори даражада ўйнашга тўлиқ тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйди. Бунинг оқибатида Хосеп Гвардиоланинг супердарвозабонга эҳтиёжи борлиги яққол намоён бўлди.
“Шаҳарликлар” янги дарвозабон масаласини Жанлуижи Доннарумма ёрдамида ҳал қилмоқчи. Манчестерликлар италиялик голкиперга эгалик қилувчи “Пари Сен-Жермен” билан трансфер бўйича музокараларни давом эттирмоқда.
Инсайдер Фабрицио Романонинг маълум қилишича, парижликлар Доннарумма трансфери учун талаб қилинган суммани 30-35 миллион еврогача пасайтиришга розилик берган.
Доннарумманинг ўзи ҳамкорлик бўйича Англия гранди билан келишиб олган. Манчестерликлар бу трансферни якунлаш учун сўнгги йилларда жамоанинг асосий дарвозабони бўлиб келган Эдерсонни сотиб юбориши керак.
Гвардиола, шу пулни олиб, шогирдингини бер!
“Манчестер Сити”нинг сўнгги йиллардаги асосий дарвозабони Эдерсон Мораес фаолиятини Туркия Суперлигасида давом эттириши кутилмоқда.
Бразилиялик голкиперга даъвогарлик қилаётган “Галатасарой” бир неча уриниши бекор кетганига қарамай, ўз мақсадини ўзгартиргани йўқ.
Таниқли инсайдер Никола Скиранинг таъкидлашича, турк клуби 32 ёшли дарвозабон бўйича таклифини 15 миллион еврогача кўтарди. Аввал “шаҳарликлар” 10 миллион евролик таклифни қабул қилмаган эди.
Истанбулликлар Эдерсоннинг ўзига уч йиллик шартнома бермоқчи. Бу муддат ичида тажрибали футболчи етти миллион евро ишлаб олади.
Эдерсон 2017 йилдан бери Хосеп Гвардиола жамоасида ўйнаб келади. Манчестерликлар дарвозабонни олиш учун “Бенфика”га 40 миллион евро тўлаган эди. Эдерсоннинг амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнида тугайди.
Фикрлар