ФИФА кунларидан сўнг Суперлига яна қайтмоқда ёхуд пешқадам номи ўзгарадими?

  • 16 октябрь, 08:04
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

Бугун Суперлигамизда 25-турга старт берилади. Олдинда табиийки, қизиқарли ва муҳим учрашувлар кутмоқда.

Tecno

16 октябрь

19:30. “Насаф” - “Қўқон-1912”

25-тур Қаршидаги “Насаф” - “Қўқон-1912” учрашуви билан бошланади. Амалдаги чемпионга чемпионлик камарини ҳимоя қилиш энг муҳими саналади ва бу осон иш эмас. Бердиев жамоасини ОЧЛ доирасидаги ўйин ҳам кутмоқда. Ундан аввал эса ўз майдонида қўқонликлар билан баҳс олиб боради ва табиийки, халқаро учрашув арафасида чемпионатдаги ғалаба билан яхши кайфиятда бориш улар учун муҳим. Қолаверса, “Насаф” кучини тақсимлаши ҳам, эхтиёткорлик билан ўйин кўрсатишини ҳам тахмин қилса бўлади. Бу йўлда “Қўқон-1912” жиддий рақибга айланади.

17 октябрь

17:00. “Машъал” - “Хоразм”

Бир-бирига муносиб рақиблар. Жамоаларни икки очко ажратиб турибди. “Машъал” 13-ўринда, “Хоразм” 15-поғонада. Ҳар икки клубга ғалаба ниҳоятда зарур. Жамоаларнинг имкониятлари мутлақо тенг. Эхтиёткорликни ҳам улар унутишмайди.

18:30. “Андижон” - “Шўртан”

“Андижон” 22 октябрь куни ОЧЛ 2 доирасида ўз уйида Баҳрайннинг “Ал-Халдия” клубига қарши баҳс олдидан “Бобур арена”да “Шўртан” билан чемпионат баҳсини ўтказиб олади. “Бургутлар”га Суперлигада ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур ва “Шўртан” ҳам худди шундай ҳолатда. Ғузор жамоаси 12 очко билан сўнгги ўринда ва 15-поғонадиги жамоадан 9 очкога ортда қоляпти. “Бургутлар” олдида турган асосий вазифа “Шўртан”ни мағлуб этиш. Меҳмонларни оғир беллашув кутяпти.

19:15. “Сўғдиёна” - “Сурхон”

“Сурхон” охирги турларда ғалаба нималигини билмаяпти. 2 та дуранг ва 4 та мағлубият қайд этди. Бу сафарги рақиб эса сафарда “Сўғдиёна”. Кўриниб турибдики, термизликларни яна бир жиддий ўйин кутяпти. Албатта, мезбонларнинг имконияти бироз юқорироқ баҳоланаётгани рост. Агар “Сурхон” мағлубиятлар сериясидаги тушкунликдан чиқиб кета олса, Жиззахда ижобий натижа кўрсата олиши ҳам мумкин.

18 октябрь

17:00. “Навбаҳор” - “Бунёдкор”

Бу жамоалар турнир жадвалида ёнма-ён боришяпти. Фақат уларни уч очко ажратиб турибди. ФИФА кунларидан жамоалар қандай ҳолатда чиқишганини Намангандаги учрашувда кўрамиз. Имкониятлар 50х50. “Навбаҳор” Шерзод Жўраев бошқарувига ўтгач бир ғалаба ва бир дуранг қайд этди. Навбатдаги баҳс унинг учун яна бир имтиҳонга айланади.

19:15. “Динамо” - “Бухоро”

Александр Хомяков жамоаси совринли ўринлар учун курашаётган “Динамо” меҳмони бўлади. Биласиз, “Бухоро” Ўзбекистон Кубоги финалига чиқди ва 29 октябрда “Пахтакор”га қарши майдонга тушади. Унгача эса “Бухоро” чемпионат доирасидаги ўйинларда ижобий натижа кўрсатиши керак бўлади. Суперлигада қолиш учун плей-оффдан узоқлашишга ҳаракат қилаётган “Бухоро”ни Самарқанддда оғир ўйин кутаётгани аниқ. “Динамо”га ҳам медаллар учун курашда ғалаба сув ва ҳаводек зарур. Табиийки, бу қарама-қаршиликда Вадим Абрамов жамоасида имконият кўпроқ.

19 октябрь

16:00. “Пахтакор” - “Қизилқум”

Бу учрашувда “Пахтакор” фаворит. “Шерлар”да мавсумни совриндорлар қаторида якунлаш имконияти мавжуд. “Қизилқум” ҳам ўзидан ёмон таассурот қолдираётгани йўқ. Мусобақа жадвалида улар 8-ўринга кўтарилиб олишган. Лекин “Пахтакор” устунроқдек кўринмоқда. Аммо футболда ҳамма нарса бўлиши мумкинн.

18:15. “Нефтчи” - ОКМК

Турнинг марказий учрашуви шубҳасиз Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида бўлиб ўтади. Чемпионлик учун курашётган “Нефтчи” қаршисида бу сафар Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКни қабул қилади. Учрашувга қизиқиш катта. “Нефтчи”га очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Виталий Левченко жамоаси учун ҳар бир беллашув финалга тенг. ОКМКга қарши майдонда ҳақиқий жанг бўлади. Аксига олиб олмалиқликлар сўнгги иккита учрашувда мағлуб бўлди. Қосимов ўз жамоасини кетма-кет учинчи бор мағлубиятга учрашига йўл қўймаса керак....

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!