
Февзи Давлетов: "У бизнинг талабларимизни бажарса асосий таркибга қайтарамиз"
Суперлиганинг 12-турида "Сурхон" ўз майдонида "Нефтчи"ни қабул қилди. Шиддатли ўтган учрашувда ҳисоб очилгани йўқ. Ўйиндан кейин "Сурхон" бош мураббийи Февзи Давлетов журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Ўйин ҳақида
- Учрашув кескинлиги жиҳатидан анча яхши бўлди. Ҳар икки жамоа ғалабага интилди. Биз ўйинни яхши бошлай олмадик — ҳимояда хатолар бўлди, ўзаро тушунишлар етишмади. Рақиб хавфли вазиятлар яратди. Кейинчалик биз ўйинни тенглаштирдик ва яхши имкониятлар яратдик. Бугун позицион футбол бўлди. Иккинчи бўлимда бизда бир вазият бўлди — ҳужумчимизнинг оёғи жароҳат олди. Бу ҳолатда ВАР ҳакамлари диққат билан қараши керак эди. Умуман олганда, футболчиларнинг фидойилиги ва ўйинга бўлган ёндашувига эътироз йўқ, бугун фақатгина имкониятларни амалга ошириш етишмади.
- Сўнгги ўйинларда сиз таркибда яхши ротация қиляпсиз. Аммо нега "Сурхон" икки ҳужумчи билан ўйнамаяпти?
- Машғулот жараёнига кўра, бизда ҳозирда яхши спорт формасида бўлган ягона аниқ ҳужумчи бор. Бу – Муҳаммад-Али Абдураҳмонов. Абдуғофур Ҳайдаровга эса спорт формасини тиклаб олиш учун вақт керак. Унинг ёшлар терма жамоасидаги йиғинлари ва ўйинлари Суперлигадаги ритмни ушлашига тўсқинлик қилмоқда.
Бизга худди Муҳаммад-Али Абдураҳмонов каби ҳолатда бўлган, катта ҳажмда ишлай оладиган ҳужумчи керак. Бу билан биз Абдуғофурга ишонмаймиз дегани эмас. Агар у бизнинг талабларимизни бажарса ва спорт формасини тикласа, биз уни албатта асосий таркибга қайтарамиз ва икки ҳужумчи билан ўйнаш режимига ўтамиз.
- Сизнингча, Муҳаммад‑Али Абдураҳмоновнинг жароҳати ҳақида нима дея оласиз? Унинг ҳолати қандай?
- Эртага ҳаммаси аниқ бўлади. Кун давомида шифокорлар томонидан ташхис қўйилади. Энди эса Ҳайдаров учун имконият пайдо бўлди.
- Сўнгги ўйинларда жамоада ўнг ярим ҳимоячи позициясида муаммолар борлигини кўряпмиз. Бу борада қандай ишлар олиб борилмоқда? Масалан, биз Сунатилло Поёновни кўряпмиз, лекин унинг ҳужумга ўтишда бироз қийинчиликлари бор.
- Ҳозирда Абдусаломов спорт формасини тиклаяпти. Шунингдек, Достон Турсунов ва Асилбек Жумаев ҳам бу позицияда ўйнай олишади. Яқин орада биз ўнг қанотда фаол ҳаракат қиладиган даражага етамиз.
Comments