
"Бунёдкор" бугун 4 нафар ўзбекистонлик футболчиси бор хориж жамоаси билан ўйнайди
Беларуcm пойтахти Минск шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларини ўтказаётган «Бунёдкор» бугун илк синов-назорат ўйинида майдонга тушади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Рақиб барчамизга таниш, Беларусь чемпионати пешқадамларидан бири – «Энергетик БГУ». Маълумки, Павел Роднёнок мураббийлигидаги рақиб сафида тўрт нафар ўзбекистонлик тўп тепади. Булар - Шоҳруҳ Абдураҳмонов, Бобир Абдихолиқов, Абдуқодир Хусанов ва Аббос Жумақулов. Аҳамиятлиси, Абдуқодир Хусанов билан Аббос Жумақуловнинг Ўзбекистондаги сўнгги жамоаси «Бунёдкор». Хусанов "Бунёдкор" академияси тарбияланувчиси.
«Энергетик БГУ» мавсумни кўтаринки руҳда ўтказмоқда. Ортда қолган 14 та турнинг 8 тасида ғалаба қозониб, 2 та баҳсда дуранг ўйнаган Павел Петрович шогирдлари 28 та очко билан турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа ҳужумчиси ўзбекистонлик Бобир Абдихолиқов эса нафақат «Энергетик БГУ»ни, балки чемпионат тўпурари ҳам ҳисобланади. Унинг ҳисобида 14 та гол бор.
1995 йил ташкил топган «Энергетик БГУ» Беларусь олий лигасида 2019 йилга келиб «пайдо» бўлди. Узоқ йиллар қуйи лигаларда иштирок этган жамоа олий лигадаги илк мавсумини 12-ўринда якунлади. 2020 йилги мавсум эса жамоа икки поғона юқорилади – 10-ўрин. Аммо тошкентликларнинг бугунги рақиби учун 2021 йилги мавсум омадсиз келди. «Энергетик БГУ» финишга 13-ўринда етиб келди. Лекин таъкидлаганимиздек, Павел Роднёнок жамоаси 2022 йилги мавсумни ажойиб руҳда ўтказмоқда.
Бугунги баҳс «Минск» спорт мажмуасида ўтказилади. Ўйин маҳаллий вақт билан 15:00 да (Тошкент вақти билан 17:00) старт олади. Учрашув «Bunyodkor TV» орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилиши режалаштирилган.
Comments