
"Андижон" лагеридан дараклар: Жамшид Ҳасанов "Қизилқум"да, легионерлари уйга кетишди, Кумиков-чи?
Биринчи даврани ғалабасиз якунлаган “Андижон” клубида куни кеча раҳбарият ўзгарганидан хабарингиз бўлса керак. Бундан ташқари, ушбу жамоа билан боғлиқ қандай муаммолар ҳукм сураётгани барчага маълум.
Айниқса, молиявий инқироз туфайли “Андижон” боши берк кўчага кириб қолганди. Жамоа эса ислоҳотларга муҳтож эди. Кўрдингиз, “Андижон” биринчи даврани бир амаллаб якунлаб олди. Таркиб жиҳатидан ҳам “Бургутлар” бошқалардан кўра кучсизроқлиги ҳам билиниб қолди. Акс ҳолда жамоа биринчи даврани ғалабасиз якунлаган бўлармиди?
Хўш, энди бундан буён клубнинг тақдири қандай кечади? Иккинчи даврада жамоада қандай ўзгаришлар бўлади? “Макро Фарм Андижон” корхонаси раҳбари, “Андижон” клуби таъсисчисига айланган Журъат Қувватов жамоани мавжуд қийинчиликлардан қай даражада олиб чиқиб кетишини албатта вақт кўрсатади. Маълумотларга кўра, янги раҳбар клубни қарзлари билан қабул қилиб олган. Кўриниб турибдики, унинг олдида янги вазифалар пайдо бўлди ва осон бўлмаган иш жараёни кутмоқда.
Афсуски, “Андижон” клуби трансфер ойнаси вақтида таркибини тузук-қуруқ ўйинчи билан кучайтира олмади. Ҳолбуки, яхши савиядаги футболчиларни олиб келиш орқали жамоани кучайтириш кун тартибидаги асосий масалалардан бири эди. Лекин молиявий муаммолар сабабли янги ўйинчини таклиф қилиш тугул, ҳаттоки таркибдаги бор футболчиларни сақлаб қолиш ҳам мураккаб масалага айланди.
Айтайлик, жамоа етакчиларидан бири бўлиб турган ярим ҳимоячи Жамшид Ҳасанов иккинчи даврани “Қизилқум”да бошлайдиган бўлди. У эса биринчи даврада “Андижон”нинг киритган ярмидан кўп голига муаллифлик қилди. Гол урмас ҳужумчилари уддалай олмаётган ишни ярим ҳимоячи пенальтидан бўлса ҳам амалга оширди. Шунингдек, икки нафар легионер ҳимоячи Дмитрий Зозуля ва ҳужумчи Артём Литвяков яқинда уйларига кетишгани маълум бўлди. Улар “Пахтакор”га қарши баҳсда ҳам иштирок этишмаганди. Маълумотларга кўра улар 5 сентябрь куни клуб ихтиёрига қайтиб келишлари керак. Бироқ улар чиндан ҳам қайтишадими ёки йўқми, буни вақт кўрсатади.
Яна бир асосий масала бу бош мураббий билан боғлиқ. Виктор Кумиков янги раҳбар билан қандай тил топиша олади? Уларнинг фикри бир жойдан чиқадими? Бу ҳам ўйлантираётган саволлардан бири эди. Узун-қулоқ гапларга қараганда, Кумиков истеъофга чиқариб юборлиши ҳам мумкин экан. Шу кунларда мураббийнинг тақдири борасида икки томон учрашув ўтказиши кутилмоқда. Ана шунда барча масалага тўлиқ ойдинлик киритилиши кутилмоқда. Шуни унутмаслик керакки, Кумиковнинг клуб билан тузган шартномаси мавжуд. Аммо таркибнинг ҳамон ўша-ўшалиги, қайтанга йўқотишлар бўлаётгани маҳаллий мухлисларни ташвишлантираётгани ҳам рост. Чунки иккинчи давра ҳал қилувчи паллага айланади. Клуб эса бирорта ғалабасиз ҳолда турнир жадвалида охирги ўринда бўлиши ҳам табиий ҳол, аслида.
Янгиланган раҳбарият эса жамоани Суперлигада сақлаб қолмоқчими ёки ҳаммасини бошидан бошлаш учун аввало мустаҳкам пойдевор қўйишмоқчими? Лекин шуниси аниқки, “Андижон”нинг ўйинида ўзгариш бўлмас экан, айниқса, гол урмас ҳужумчилари билан яна ҳеч нима қила олмаслиги катта эҳтимол.
Фикрлар