
Шомуродовнинг дўсти футболдан кетишни эълон қилди
“Рома”нинг 36 ёшли футболчиси Матс Хуммельс жорий мавсум якунланиши билан профессионал футболчилик фаолиятини якунлашини эълон қилди.
- Тамом. Бу қандай саёҳат бўлди! Раҳмат, - деб ёзди жаҳон чемпиони Маст Хуммельс ижтимоий тармоқдаги саҳифасига.
Хуммельс Германия футболи байроқдори “Бавария” тарбияланувчиси ҳисобланади. Мюнхен клубида ташқари Дортмунднинг “Боруссия” жамоасида ҳам тўп тепган. У ҳар икки немис клуби билан Германия чемпионатида ғолиб чиққан кам сонлик футболчилардан.
Ўтган йили ёзда тажрибали ҳимоячи дортмундликлар билан шартномаси тугаганидан кейин маълум муддат ишсиз қолди.
Вазиятдан фойдаланган “Рома” 4 сентябрь куни Хуммельсни ўз сафига қўшиб олди. Матс Римга келганидан бери барча турнирларда 18 та учрашув ўтказиб, битта гол уришга ҳам муваффақ бўлди.
Матс Хуммельс 2014 йили Германия терма жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлган. Халқаро миқёсда 78 та учрашувда қатнашиб, ҳимоядаги вазифаларини уддалашдан ташқари рақиблар дарвозасига бешта тўп ҳам киритган.
Comments