
Кимда қанақа амбиция ёхуд Суперлигада иккинчи давра бошланмоқда!
Хабарингиз бор, бугун Ўзбекистон Суперлигаси 16-турига старт берилади. Бугунги баҳслар ҳақида қуйида батафсил тўхталамиз.
Иккинчи давранинг биринчи тури бизга оз бўлса-да, жамоаларнинг мавсумнинг иккинчи ярмига қанақа мақсад қўйганлиги ҳақида муждалар бериши мумкин. Шу боис бу тур навбатдаги "оловли тур"лардан бўлишидан умид қилсак арзийди.
"Машъал" - "Пахтакор"
"Машъал" клуби биринчи даврани ўртача даражада ўтказди, дейишимиз мумкин. Ҳар ҳолда Про лигадан чиққан жамоалар ичида муборакликлар энг юқоридагиси бўлиб турибди. Давралар орасида мураббийликда ҳам ўзгариш юз берди. Асрор Алиқулов ўрнини Отабек
Нарзуллаев эгаллади. "Машъал" бюджети ва мақсади унча юқори эмаслигидан трансферлар ойнасида фаол бўлмади. Клуб 3 ўйинчи харид қилди ва худди шунча футболчи жамоани тарк этди.
"Пахтакор"да эса энг қувонарлиси ва ниҳоят мураббий масаласи ҳал қилинди. Педру Моррейра расман ишдан олинди. Унинг ўрнига Камолиддин Тожиев охир-оқибат бош мураббий этиб тайинланди. "Шерлар" 1 ой мобайнида анча тозалаш ишларини олиб боришди. Лекин, шу ўринда жамоанинг муҳим аъзолари бўлган Шаҳзод Азмиддинов, Абдулла Абдуллаев, Отабек Жўрақўзиев ва Тожиев даврида етилган Муҳаммадали Ўринбоевлар клуб билан хайрлашди. Аммо, келганлар ҳам чакки эмас. Ҳожимат Эркинов, Азиз Турғунбоев, Беҳруз Асқаров ва ироқлик ҳимоячи Заид Таҳсинлар билан клуб бемалол чемпионлик мақсадини қўйса арзигулик.
Баҳсда ҳар қанча "қулоғидан тортмайлик" "Пахтакор" "Машъал"дан ҳар жабҳада устун. Шу боисдан имкониятлар фоизларда 30/70 пойтахт клуби фойдасига.
"Бухоро" - ОКМК
"Бухоро" трансфер ойнасида анча фаол қатнашди. Азизбек Амонов ҳамда Тома Табататдзе каби тажрибали ҳужумчилар жалб қилинди. Шу қаторда, Алишер Хайруллаев, Мардон Мелиев, Нодирбек Аҳмаджонов, Иброҳим Нўмонов каби ёш истеъдодлар жамоага келиб қўшилди.
Жамоани тарк этган энг катта ном Шоҳруз Норхонов бўлди. Лекин, Шоҳрузнинг ҳам биринчи даврада ишлари юришмагани ва унинг ўрнига икки яхши савиядаги форвардлар олинганини ҳисобга олсак, бу унчалик катта зарарга ишламаса керак. Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб, реал кўз билан қаралса, клубга кучли 10ликка кириш вазифаси қўйилган эрса ажабмас. Вазифани бажариш эса мана шундай номдор жамоаларни очкодан маҳрум қилиш билан бошланиши зарур.
ОКМК мавсумни бошида ҳаммани ажаблантирди. Мундиал йўлланмаси қўлга киритилгандан кейинги турларда яна "ажаблантирди". Давра старт олишидан олдин клуб раҳбарияти чемпионлик амбициясини қўйиши табиий. Чунки, таркиб ўзаги сақлаб қолинди. Қўшимчасига, биринчи даврада энг заиф нуқта сифатида қаралган дарвоза чизиғига ҳам янги посбон харид қилинди.
Сардор Раҳмонов ва Клейди Дациларнинг жамоани тарк этиши оз-моз билиниши мумкин. Лекин, уларнинг ўрнига ҳам номзодлар етарлича. Ҳумоюншоҳ Сайётов, Абубакр Ризо Турдиалиев, Асилбек Айсаров, Аброр Каримов каби ёшларга эса ўйин амалиётига эга бўлиш учун бошқа жамоаларга бериб юборилди. Кўрамиз, жамоа иккинчи даврага қанчалик тайёргарлик кўра олди. Чемпионлик амбицияси бор Миржалол Қосимов шогирдларининг чемпионлик курашига қўшилиши мана шундай ўрта даражадаги клублар билан ўйинларга боғлиқ.
Баҳсда таркиб,амбиция нуқтаи назаридан олмалиқликлар устунроқдек. Фоизларда 40/60 ОКМК фойдасига.
Яҳёхон Ғаниев
Comments