
Ҳусановнинг ўйинини экспертлар қандай баҳолади?
Англия Премьер-лигасининг бешинчи турида “Арсенал” ўз майдонида “Манчестер Сити” билан куч синашиб, сўнгги дақиқаларда киритилган гол эвазига мағлубиятдан қутилиб қолди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “канонирлар”га қарши кечган баҳсни яна ҳимоянинг ўнг қанотида бошлади. Биринчи бўлим давомида легионеримиз икки марта шифокор ёрдамини қабул қилишига тўғри келди.
Хосеп Гвардиола танаффус олдидан яна шикастланган Ҳусановни иккинчи бўлимга туширмади.
“Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган cityxtra.co.uk сайти экспертлари футболчиларнинг ҳаракатларини қуйидагича баҳолади.
Жанлуижи Доннарумма – 6/10:
Учрашув давомида ишончли ўйнаб келган тажрибали дарвозабон ўйин охирига келиб, хатога йўл қўйди ва Мартинелли ҳисобни тенглаштиришга эришди.
Абдуқодир Ҳусанoв – 8/10:
Ҳусанов халқаро танаффусдан кейин “Манчестер Сити”нинг энг зўр ҳимоячиси даражасига кўтарилди ва бу борада ҳамкасбларини анча ортда қолдирмоқда. Жисмонан бақувват, ўзига ишончи яққол кўриниб турган футболчи рақибларини ҳам даҳшатга солмоқда. “Арсенал”га қарши учрашувда ҳеч нарсани ва ҳеч кимни ўтказмади. Шикастланган боис танаффусда захирага олинди.
Рубен Диаш – 7/10:
Айрим вазиятларда ишонч етишмаган бўлса-да, ҳимояни бошқаришга ҳаракат қилди. Манчестерликлар 80 дақиқа давомида битта гол устунлигини ушлаб турганида унинг ҳиссаси бор.
Йошко Гвардиол – 6.5/10:
“Арсенал” гол урган вазиятда Мартинеллини “йўқотиб” қўйди. Қолган вазиятларда яхши ўйнади, чап қанотни ёпишда Нико О’Рейлига ҳам ёрдам бериб турди.
Нико О’Рейли – 7/10:
О’Рейли бу гал Мадуэке ва Сака каби тезкор футболчилар синовдан ўтказди. Ёш ҳимоячи уларга қарши жуда ишончли ўйнади. “Арсенал” асосий босимни ўнг қанотдан уюштирган бўлса-да, Нико яхши ҳаракат қилди.
Родри – 7/10:
Хотиржам ва ишончли ўйнаган тажрибали ярим ҳимоячи секин-аста жисмоний формасини тиклаб олмоқда.
Бернарду Силва – 7/10:
Ҳар доимгидек меҳнаткашлигини кўрсатди, “Сити”га темп бериб турди. Югуриб чарчамади.
Тижани Рейндерс – 7/10:
Охирги пайтдаги энг зўр ўйинларидан бири бўлди. Холанднинг голига ажойиб узатма берди. “Арсенал”га анчагина босим ўтказиб турди.
Фил Фоден – 7/10:
Бу гал Фоденга ёрқин вазиятлар етишмади. Шунга қарамай, ҳар доимгидек фаол ўйнашга ҳаракат қилди.
Жереми Доку – 8.5/10:
Бу ўйинчи ёзги тайёргарлик даврида ўз устида тинимсиз ишлагани билиниб турибди. Турдан турга ўйини очилиб бормоқда. Бу гал “канонирлар” ҳимоячиларини қийнаб ташлади.
Эрлинг Холанд – 8/10:
Ўйин бошидаёқ ҳисобни очди. Бироқ Доку яратиб берган вазиятни бой берди. Мавсум бошидан бери еттинчи голини урди.
Матеуш Нуньеш – 7.5/10:
Ҳусанов ўрнига майдонга тушган Нуньешда ҳимояланиш масаласида муаммолар бор. Лекин жуда мураккаб учрашувнинг иккинчи ярмида ўнг қанот бўйлаб олдинга ўтишда ўзини кўрсата олди.
Нико Гонсалес – 7/10:
Жамоаси устунлигини сақлаб туришга ҳаракат қилди. Ўтказилган голда унинг айби йўқ.
Натан Аке – 7/10:
“Сити” ҳимоясида ишончли ўйнади, ҳисоб тенглашганидан кейин ҳужумчиларга ёрдам беришга киришиб кетди.
Ҳусанов ва Холанднинг йўли айрилиши мумкин...
Тезкор: Жароҳат олган Ҳусановнинг аҳволи ҳақида дастлабки маълумот берилди
Шомуродов “қурбонлари” қаторига яна биттасини қўшди
Ғалаба керак бўлса, Ҳусановни ўйнат!
Файзуллаев ўтиши мумкин бўлган 30 дан ортиқ клуб бор эди...
Comments
Sog‘-salomat bo‘lsin!