
Ҳусановнинг ўйинини экспертлар қандай баҳолади?
“Манчестер Сити” Европа Чемпионлар лигасининг умумий босқичини муваффақиятли бошлади. Хосеп Гвардиола шогирдлари дастлабки турда Италия чемпиони “Наполи”га рўбарў келди.
Умуман олганда, учрашув мезбонларнинг устунлигида ўтди. Ўйиндаги устунлик иккинчи бўлимда ҳисобга кўчди. 56-дақиқада Эрлинг Холанд неаполликлар дарвозасини ишғол қилди. Бу гол норвегиялик ҳужумчи номини тарихга ёзди.
Холанд Чемпионлар лигасидаги 49-учрашувида ўзининг 50-голини киритди. “Кўҳна қитъа”нинг энг нуфузли тарихида Эрлинг 50 та гол уриш учун энг кам ўйин ўтказган футболчи сифатида рекорд ўрнатди.
Орадан тўққиз дақиқа ўтиб, Жереми Доку жамоасининг иккинчи тўпини киритди ва ғалабани мустаҳкамлади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учрашувда тўлиқ ўйнади.
Нуфузли манба – cityxtra.co.uk сайти экспертлари “Манчестер Сити” футболчилари ўйинини қуйидагича баҳолади.
Жанлуижи Доннарумма – 7:
Учрашув давомида жиддий синовларга дуч келгани йўқ. Бироқ зарбаларни бартараф этишда маҳоратини кўрсатишига тўғри кели.
Абдуқодир Ҳусанов – 7.5:
Ўнг қанотда жуда ишончли ўйин намойиш қилишни давом эттирмоқда. Бу гал ҳимояда иши кўп бўлгани йўқ, тўпни ишонч билан назорат қилишда ўзини кўрсатди. Ҳимояланишдан ташқари имконият пайдо бўлганжа ҳужумларга фаол қўшилиб турди.
Рубен Диас – 7.5:
“Манчестер Юнайтед”нинг собиқ ҳужумчиси Расмус Хёйлундга “Наполи” таркибида ўзини кўрсатиши учун умуман имконият бермади.
Йошко Гвардиол – 7:
Рақиблар Гвардиолни ҳам безовта қила олгани йўқ. Ҳимояда иши қолмагач, ҳужумга ёрдам беришга ҳаракат қилди.
Нико О’Рейли – 7:
Бошқа ҳимоячилар каби Нико ҳам ўз ҳудудида ҳеч қандай қийинчиликка дуч келгани йўқ. Тўпни назорат қилишда яхши ўйнади. Ҳужумларга қўшилиб турди.
Родри – 7.5:
Манчестер дербисидан фарқли равишда бу гал жуда яхши ўйнади. Ўйин темпини айнан Родри белгилаб берди ва ўйинга таъсир ўтказиб турди.
Тижани Рейндерс – 7.5:
Рақиб жарима майдончаси атрофида фаоллик кўрсатди, Докуга голли пас узатди.
Фил Фоден – 8.5:
Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси бўлди. Мавсумдаги хатоларини тўғрилаб, яна жамоа етакчисига айланмоқда. Рақиб жарима майдончаси атрофидаги барча хавфли ҳудудларда ўйнади, хавфли вазиятлар яратди.
Бернардо Силва – 7.5:
Тўпга эгалик қилишни назорат қилди, ўнгда ва марказда фаоллик кўрсатди, жамоасининг устунлигини ушлаб турди.
Эрлинг Холанд – 7.5
Тўп назоратига деярли таъсир кўрсатмади, бироқ рақиб сардори Ди Лоренцонинг майдондан четлатилишига сабабчи бўлди ва гол уриб рекорд ўрнатди.
Жереми Доку – 8:
Уни тўхтатиб бўлмай қолди. Чап қанотдан уюштирган бир неча ҳужумлари самарасиз кетганига қарамай, гол уришни уддалади.
Нико Гонсалес – 6.5:
Захирадан майдонга тушиб, ўйинга жуда тез қўшилиб кетди. Ақни паслари билан ажралиб турди.
Савио – 6:
Бир неча дақиқага ўйнаганига қарамай, рақибларни алдаб ўтишда сустроқ ҳаракат килди. Ўйин темпига мослашиб кетолмади.
Энди “Манчестер Сити” футболчилари Европа Чемпионлар лигаси умумий босқич иккинчи турини 1 октябрь куни Францияда “Монако”га қарши ўтказади.
Comments