
Гвардиола энг зўр марказий ҳимоячини олиб келади
“Манчестер Сити” бош мураббий Хосеп Гвардиола таркибни янгилаш сиёсатини давом эттирмоқда. Январь ойида жамоага Абдуқодир Ҳусановнинг келиши билан бошланган бу жараёни ҳали ҳамон якунлангани йўқ.
Испаниялик мураббий бир неча юлдузларга жавоб бериб юборди, асосий таркибга кира олмаётган ўйинчиларни ижарага жўнатди. Хусусан, марказий ҳимоячилардан Мануэль Аканжи Туркия чемпионатига йўл олди ва катта эҳтимол билан ёзда “шаҳарликлар” билан хайрлашади. Бу позициянинг ёш вакиллари – Витор Рейс ва Макс Аллейн тажриба ошириш учун “Жирона” ва “Уотфорд”га юборилди.
Ҳимоя маркази вакилларидан ёши ўтиб қолган Натан Аке захира ўйинчисига айланди. Жон Стоунз эса, жароҳатларга мойил бўлиб қолгани ва тикланиши бошқаларга нисбатан узоқроқ вақт талаб этаётгани мавсум бошидаёқ ўз исботини топди. Тўғрисини айтганда, ёши катта бу икки марказий ҳимоячининг ҳам клубдаги келажаги мавҳум.
Хосеп Гвардиола жамоа ҳимояси келажагини Абдуқодир Ҳусанов, Рубен Диаш, Йошко Гвардиола сингари ўйинчиларга боғлаган. Бироқ гранд клублар учун бу камлик қилади. Ротация имконияти кенгроқ бўлиши керак ва албатта, ўсиш учун ички рақобат ўта зарур. Ана шу мақсадда, “Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасининг энг зўр марказий ҳимоячиларидан Марк Гехини олмоқчи.
“Кристал Пэлас” сардори ёзги трансферлар вақтида “Ливерпуль”га ўтишга яқин келган эди. Айрим сабабларга кўра, бу трансфер охирига етмай қолди. Марк Гехининг “Кристал Пэлас” билан шартномаси мавсум охирида тугайди. “Ливерпуль” уни ёзда текинга қўлга киритмоқчи.
Бироқ “Кристал Пэлас” раҳбарияти шартномани узайтиришга кўнмаган сардорини январда сотиб юбориб, пул ишлаб олишни режа қиляпти. “Шаҳарликлар” эса, шундан фойдаланиб қолмоқчи.
Daily Mirror нашрининг ёзишича, “Манчестер Сити” Гехини қўлга киритиши осон бўлмайди. Чунки Англия терма жамоасининг 25 ёшли ҳимоячиси “Реал”, “Барселона”, “Бавария”, “Интер” ва “Ювентус” каби гранд клублар кўз тикмоқда. Уларнинг бари трансферни январда амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқда.
Comments