"Бизда фақат ҳужумни якунловчи ҳужумчиларимиз йўқ". "Шўртан" устозидан қандай қилиб ОКМК майдонидан очко олгани ҳақида

  • 15 Jun 07:30
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Football
CHERY AUTO

Турнир жадвалида сўнгги ўринда бораётган “Шўртан” бу турда мусобақа етакчиларидан бири – ОКМК майдонида ўйнади.

Tecno

Кўпчилик мезбонларнинг ғалабасини кутганди. Бироқ “Шўртан” турнир жадвалида аутсайдер бўлса-да, ўйинлар давомида очколар йиғиш учун бор кучини сарфламоқда ва ОКМКга қарши баҳсда ҳам бунинг уддасидан чиқиб, бир очко ишлади.

0:0 билан якун топган беллашувдан кейин “Шўртан”нинг вақтинчалик бош мураббийи Элдор Мойлиев фикрлари билан ўртоқлашди.

- Шундай шиддатли ўйин бўлишини билгандик. ОКМКни “Нефтчи” ва “Насаф”га қарши ўйинларини ўрганиб чиқдик. Биламиз, кучли жамоа. Ижрочилари ҳам бор. Иқтидорли ёшлари ҳам талайгина. Иложи борича бирга-бир вазиятларда ютқазмаслик бўйича кўрсатма бергандик. Йигитларимизга катта раҳмат, айтган кўрсатмаларимизни яхши бажаришди. Биринчи бўлим айтарли тенг курашлар остида ўтди. Иккинчи бўлимда барибир ОКМК устунлик қилди. Ҳар доим бу жамоа иккинчи бўлимда ўйинига қўшади. Устунлик рақиб томонида бўлди, омад биз тарафда бўлди.

- Ўйиндан олдин мусобақа пешқадамига қарши кўрсатма қандай бўлган эди?

- Айтдимку, ОКМКни ўрганиб чиққандик. Ҳар доим иккинчи майдонда бўлиб, қарши ҳужум орқали ўз омадимизни синаб кўриш учун тайёргарлик кўрдик. Бундай ҳозирлик кўриш учун вақтимиз етарлича бўлди. “Машъал” ва “Насаф”га қарши ўртоқлик ўйинларини ўтказгандик. Ўша учрашувларда бугунгидек қарши ҳужумларга тайёргарлик кўргандик. Бир-иккита вазиятларимиз ўхшадию, лекин қарши ҳужумда барибир ҳужумни якунловчи ҳужумчиларимиз етишмади.

- Анвар Бердиев жамоадан кетганидан кейин ижобий натижалар кўзга ташлана бошлади. Илк ғалабага эришдинглар, бу сафарда кучли рақиб майдонида дуранг ўйнадинглар. Анвар Бердиев кетгач, сиз билан янги шартнома имзоландими ёки аввалги битим билан ишлаб келяпсизми?

- Йўқ, шу йил бошидаги шартнома билан ишлаяпмиз.

- Биринчи давра якунланиб боряпти. “Шўртан” иккинчи даврага қанчалик тайёргарлик кўради? Янги ўйинчилар оладими? Бу жамоа билан барибир Суперлигада қолиш нисбатан қийин.

- Бизда яхши ижрочиларимиз ҳам бор. Нимага қийин? Қийин эмас. Барибир яхши ўйинчилар оламиз. Ҳужумда оқсаяпмиз. Кўрган бўлсанглар, кўп ўйинларни ёмон ўтказмаяпмиз. Ҳимояда, ярим ҳимояда бизда яхшигина футболчиларимиз бор. Фақат ҳужумларни якунловчи ҳужумчиларимиз йўқ. Иккинчи даврада кўз остимизга олиб қўйган ўйинчиларимиз бор. Уларни таклиф қиламиз, барибир кучаямиз. Суперлигада қолишга ҳаракат қиламиз.

Comments

You must be logged in to commet!