Анвар Бердиев: "Ташкилотчилар шуни хоҳлашибдими, тўғри қабул қиламиз"

  • 01 May 00:37
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Football
BEPUL PROPAN

Чемпионатда омади юришмаётган “Шўртан” Ўзбекистон Кубоги гуруҳ босқичидаги иккинчи тур баҳсида Ғузорда “Олимпик” дарвозасига жавобсиз учта гол уришга муваффақ бўлди. Ўйиндан сўнг “Шўртан” бош мураббийи Анвар Бердиев матбуот анжуманида ўз фикрларини айтди.

- Авваламбор, жамоамиз раҳбарларига майдонни бизга тайёрлаб беришгани учун катта раҳмат. Анча ҳаракат қилишди, футболчиларимиз ҳам буни тушуниб етишди. Шамил ака Ярулинга, Нурали Султоновга алоҳида миннатдорлигимни билдираман. Ўйин ҳақида нима дейишим мумкин? Учрашув бошида рақиб 10 киши қолиб кетгани уларга қийинчилик туғдирди. Лекин бизни ҳам олдимизга қўйилган вазифа бор эди, албатта ғалаба қозонишимиз керак эди. Футболчиларимга раҳмат айтаман. Бор кучини ишга солиб ғалаба қозонишди. Мухлисларимизга ҳам жамоамизни қўллаб-қувватлашгани учун миннатдорлик билдираман.  

- “Шўртан” учун Ўзбекистон Кубоги қандай аҳамият касб этади?

- Ҳар бир ўйинда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Бу Кубок баҳси ёки чемпионат ўйини бўлсин, муваффақиятга эришиш йўлида курашамиз.

- Кубокда “конкрет” вазифа қўйилганми?

- Саволингизга жавобим шу: ҳар бир учрашувда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Қанча узоққа борсак, жамоамизга, раҳбарларимизга ва мухлисларимизга ҳам яхши бўлади.

- “Шўртан” яна ўз майдонига қайтди. Бу футболчиларга қандай устунлик беради?

- Ўз уйингизда деворлар ҳам ёрдам беради, дейишади. Уйимизга қайтганимиздан жуда хурсанд бўлдик. Яна бир бор бошлиқларимизга алоҳида раҳмат айтаман. Бу ёғига чемпионат ўйинларида очколарни кўпайтиришга ҳаракат қиламиз.

- Гуруҳдаги вазият бўйича “Шўртан” ва “Машъал” биринчи ва иккинчи ўринларда. Ундан кейин “Иштихон” турибди. Май ойида “Иштихон”га қарши ўйин бўлади. Рақибда ҳам имконият бор. Ушбу бўлажак учрашувни қандай тасаввур қиляпсиз?

- Биз учун энди чемпионат ўйинлари давом эттирилади. Кубокдаги кейинги баҳс ҳақида ўйлашга эрта. Чунки 4 май куни “Динамо”ни қабул қиламиз. Ҳозир фақат чемпионат ҳақида ўйлаймиз. Кубокдаги ўйин яқинлашса, ушбу учрашув ва рақиб ҳақида ўрганамиз ва яхши ўйин кўрсатамиз, деб ўйлайман.

- Ўйинни соат 17:00 га қўйилиши футболчиларнинг техникаси ва жисмоний ҳолатига қандай таъсир қилади? Бу ҳолат бўйича эътироз билдирмадингизми?

- Ташкилотчилар шуни хоҳлашибдими, тўғри қабул қиламиз. Иккала жамоа ҳам бир хил шароитда тўп сурди. Албатта, футболни қизиқарлироқ ва тезроқ ўйнашни хоҳласак, хоҳлаймизми-йўқми, футболчиларга об-ҳаво таъсир қилади. Ўйлайманки, бугун у қадар иссиқ бўлгани йўқ. Кейинги ўйинларда кечроқ бошланса яхши бўларди.

Comments

You must be logged in to commet!